Шайх Шаббир ибн Аҳмад ҳазратларининг ҳаёт йўллари ғоятда барокатли ва сермазмундир.
Шайх Шаббир ибн Аҳмад ибн Исмоил Британия фуқароси бўлиб, фиқҳда ҳанафий мазҳабидадир. Икки ўғил, беш қизининг барчаси ўзи каби ёшлигида, кўпчилиги етти ёшида ҳофизи Қуръон бўлган.
Бошланғич илмни Ҳиндистондаги Саҳаранпур шаҳридаги Мазоҳирул-улум дорилфунунида ўз замонасининг муҳаддиси, шайх имом Муҳаммад Юнус Жаҳонфурий ва бошқа устозлардан, жумладан Аҳмад Алий Суратий, шайх муснид Абдурраҳмон ибн Абдулҳай Киттаний, шайх Абдуллоҳ Талидий, шайх Ифтихор Ҳасан Кандеҳлавий, муфтий Маҳмуд Ҳасан Гангуҳий ва бошқалардан дарс олган. Муҳаддис аллома Муҳаммад Закариё Кандеҳлавийдан умумий ижоза олган.
Ҳижрий 1401 (милодий 1980) йили ўқишни тамомлаб, Англиянинг Манчестер шаҳри яқинидаги Бюри шаҳарчасида жойлашган «Дорул улумил арабийя исломия»да ҳадисдан дарс бера бошлаган. Ўн йил давомида «Саҳиҳи Муслим», йигирма беш йил «Сунани Термизий» ҳамда йигирма йил давомида «Саҳиҳи Бухорий»дан, жумладан, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоятига кўра имом Моликнинг «Муватто» асаридан дарс берган. Шунингдек, ушбу дорилфунунда «Сунани Ибн Можа», «Маониул-осор», «Мишкотул масобийҳ», «Тафсирул Жалолайн», «Канзуд-дақоиқ», «Усулуш-шоший», Қуръони Каримнинг маъно таржималаридан, «Нурул-ийзоҳ», «Роддул-муҳтор» ва бошқа китоблардан ҳам дарс берган.
Бугунги кунда ҳам «Саҳиҳи Бухорий», «Сунани Термизий» ҳамда «Сунани Абу Довуд»нинг ўзи таржима қилган баъзи жузларидан Блэкбэрри шаҳридаги «Илм вал-ҳуда» дорилфунунида дарс беради. Дарслари талабалар ва аҳли илмлар орасида машҳурдир. Шаббир ибн Аҳмаднинг дарслари кенг қамровли, ҳар жиҳатдан чуқур илмий асосланган бўлиб, замонавий фиқҳ ва янги масалаларни ҳам ўз ичига олган.
Муфтий Шаббир Аҳмад «Қуръон ёдлаш ҳақида қирқ ҳадис», «Азон ҳақида қирқ ҳадис», «Шом ва Шом аҳли ҳақида қирқ ҳадис», «Никоҳнинг фазилатлари ҳақида қирқ ҳадис», «Ақлнинг жилоси» каби кўпгина асарлар ҳамда «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим», «Саҳиҳи Термизий» ва бошқа саҳиҳ китобларига ёзилган ҳошияларнинг муаллифидир.
Ҳижрий 1401 йили Шаббир ибн Аҳмад Британияда илк бор фатво ҳайъатига асос солиб, унга ўттиз беш йидан буён раҳбарлик қилиб келади. Бу ҳайъат британиялик мусулмонларга катта хизмат кўрсатиб келмоқда.